Site icon Shirin shahar hokimligi

ЖИНОЯТ СУБЪЕКТИГА ОИД КОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БИЛАН БОҒЛИК МАСАЛАЛАР ВА БУ БОЙИЧА ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАР ТАЖРИБАСИ. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР КОНУНЧИЛИГИДА ЖИНОЯТ СУБЪЕКТИ ИНСТИТУТИНИНГ ТАРТИБГА СОЛИНИШИ.

АННОТАЦИЯ: Ушбу мақоладажиноят субъекти тушунчаси ва белгиларининг назарий хукукий тахлили, жиноий жавобгарликка тортиш ёши чегараси ва унга доир нормаларни такомиллаштириш, жиноий жавобгарликка тортиш ёши чегараси ва унга доир нормаларни такомиллаштириш.

Шу билан биргаликда жиноят субъектига оид қонунчиликни такомиллаштириш билан боғлик масалалар ва бу бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳамда хорижий давлатлар конунчилигида Жиноят субъекти институтининг тартибга солиниши.

Калит сўзлар: жиноят субъекти, жиноий жавобгарликка тортиш, ақли расолик, жавобгарликни белгилаш борасида маълумотлар келтирилган.

Кириш: Бугунги кунда хорижий давлатлар қонунчилигида жиноят ҳуқуқининг мустақил институти сифатида жиноят субъекти институти ўзига хос аҳамиятга эга ҳисобланди. Хусусан, ҳуқуқий-қиёслаш назарияси таҳлилида чет эл мамлакатлари жиноят ҳуқуқида жиноят субъекти институтининг қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан тизимлаштирилганлигини илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш мамалакатимиз жиноят қонунида тартибга солинган жиноят субъекти институтини янада такомиллаштириш йўналишларини белгилаб беради. Айни пайтда чет эл давлатлари жиноят қонунчилигида жиноят субъекти интитутига оид нормаларнинг тартибга солиниши ўзига хос хусусиятларга эга ҳисобланади.

Чунончи, хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида жиноий жавобгарликка тортиладиган шахсларнинг ёш чегарасини белгилашда турлича ёндашувлар қўлланилган. Масалан, Франция жиноят қонунида жиноят субъектининг энг кичик ёш чегарасини аниқ белгилашни назарда тутмайдиган «суд ихтиёри қоидаси» амал қилади. Чунки Франция жиноят ҳуқуқи доктринаси ҳар бир аниқ шахснинг хилма-хил ҳаётий вазиятлари
ва индивидуал хусусиятларининг барчасини фақат суд текширувигина ҳисобга олиши ҳамда шу йўл билангина аниқ бир шахснинг айбли жавобгарликка қодирлигини аниқлаш мумкинлигини тан олади.

Бундан ташқари, ёш чегаралари қонунда кўрсатилган мамлакатларда ҳам жиноят субъектининг энг кичик ёшини белгилашда (7–10 ёшдан
16–18 ёшгача бўлган) жиддий фарқлар кузатилади. Хусусан, жиноят субъектининг энг кичик ёши, масалан, Ирландияда – 5, Швейцарияда – 7, Шотландияда – 8, Янги Зеландия ва Англияда –10, Туркияда – 11, Канадада – 12 ёш этиб белгиланган. АҚШда эса вояга етмаганлар ишлари бўйича суд юрисдикциясига 6–12 ёшдаги, максимал даражаси эса
15–17 ёшдаги шахслар киритилади.

Шу билан бирга, мазкур масала бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг вояга етмаганларга нисбатан одил судловни амал ошириш ҳақидаги минимал стандарт қоидаларида (Пекин қоидаларининг 4-банди) шахснинг айбли, жавобгарликка қодирлик ёши учун универсал мезон сифатида унинг ҳиссий ва ақлий етуклиги белгиланган.

Шу жиҳатдан ҳам қиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан хорижий давлатлар жиноят қонунларининг ушбу муаммога ёндашувини таҳлили шуни кўрсатадики, вояга етмаганлар жиноятчилигининг ривожланиши таъсирида сўнгги ўн йил ичида ғарб мамлакатлари қонунчилиги ва амалиётида ҳимоялаш, ҳомийлик қилишдан воз кечиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шунингдек, жиноий жавобгарликнинг энг кичик ёш чегарасини белгилаш жараёни жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадларига бўйсундирилганлигида кўринади. Шу боисдан оғир, ўта оғир жиноятлар ва такроран жиноят содир этиш, уюшган жиноий фаолият учун жавобгарлик белгилаш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда ҳамда уларга қарши курашишнинг ҳуқуқий чоралари кучайтирилмоқда. Мазкур масалага бундай ёндашиш мантиқан тўғри, бироқ назаримизда, жамиятнинг барқарорлигини ва хавфсиз фаолиятини таъминлаш борасидаги манфаатларини кўзлаб, жавобгарликнинг минимал ёш чегарасини белгилашда шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш принципларига қатъий амал қилиш зарурдир.

Қолаверса, шу билан бирга, хорижий давлатлар қонунчилигида жиноий жавобгарликнинг ягона ва табақалаштирилган ҳолда ёш чегаралари белгиланганлигини кўришимиз мумкин. Бунда ягона ёш деганда, жиноий жавобгарлик шахснинг қатъий белгиланган ёшга тўлгандан сўнг тўлиқ келиб чиқиши мумкинлигини ангалатади. Бироқ мазкур ҳолатда вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда айрим ҳолларда енлиллаштирувчи ҳолатлар ёки бундай шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилишгача бўлган тартиблар ўрнатилиши ҳам инкор этилмайди. Хусусан, Андорра (16 ёш), Грузия (14 ёш), Дания (15 ёш), Италия (14 ёш), Латвия (14 ёш), Норвегия (15 ёш), Чехия (15 ёш), Швеция (15 ёш) ва Эстония (14 ёш) каби давлатларда жиноий жавобгарликнинг ягона ёш чегараси белгиланган.

Аммо аксарият хорижий давлатларда жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормаларнинг индивидуаллаштирилиши нуқтаи назаридан табақалаштирилган ҳолда ёш чегаралар қайд қилинади. Хусусан, бунда ёш чегаралари: 1) вояга етмаганлар жавобгарлигининг ҳуқуқий режимидан; 2) жиноят таркибининг ўзига хос хусусиятларидан; 3) айбдорнинг субъектив сифатларидан келиб чиқувчи (англаш принципи) асосий мезонлари бўйича таснифланади.

МУҲОКАМА ВА НАТИЖАЛАР

Айни пайтда жиноий жавобгарлик ёши ҳуқуқий режимга кўра, вояга етмаган шахслар жавобгарлигини алоҳида қонунчилик доирасида табақалаштирилган ҳолда кўриб чиқилади, яъни қонунчилик нормаларини шундай тартибда тизимлаштирган мамлакатларда, жиноий жавобгарликни ўрнатувчи амалдаги қонунчилик нормалари билан бир қаторда, вояга етмаганлар жиноий жавобгарлигининг махсус институтини ва уларга нисбатан мослаштирилган ўзига хос санкциялар тизимини белгилайди. Бунда вояга етмаганлар жавобгарлиги Жиноят кодекси билан эмас, балки махсус қонунлар билан тартибга солинади. Масалан, О.С.Капинус томонидан тайёрланган дарсликда келтирилишча, бундай тартиб Венесуэла, Гватемала, Гондурас, Колумбия, Коста-Рика, Перу, Испания, Иордания ва Маврикия каби мамлакатларда жорий қилинган. Хусусан, вояга етмаганлар жавобгарлигини назарда тутувчи махсус қонунларга кўра, Венесуэла, Гватемала, Гондурас, Колумбия, Коста-Рика, Перуда жиноий жавобгарлик 12 дан 18 ёшгача, Испанияда 14 дан 18 ёшгача, Иорданияда 7 дан 18 ёшгача, Маврикияда 11дан 17 ёшгача бўлган чегарада кўриб чиқилади.

Шунингдек, Япония Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик ёши 14 ёш этиб белгиланган нормалар бўйича жазо чоралари, шахснинг 16 ёшга тўлганидан бошлаб қўлланилади. Бундан ташқари, алоҳида давлатларда судларга жиноий жавобгарлик чораларини «катталар» ва «ювеналь» ёшга нисбатан қўлланиладиган таъсир чораларини ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилган. Масалан, Белгияда жиноий жавобгарлик ёши 18 ёш деб белгиланган, бироқ ювеналь судлар истисно тарзида, шахсга нисбатан қўлланиладиган тарбиявий чораларни етарли эмас деб топса, вояга етмаган шахсга нисбатан юритилган жиноят ишини умумий жиноий судларга юборади[1]. Ўз навбатида судлар шахснинг тарбиявий ва жамиятга нисбатан хавф туғдириши мумкин бўлган хусусиятларини баҳолаб ҳамда иш билан боғлиқ бошқа ҳолатларни инобатга олиб, мос келувчи жазо чорасини қўллаш бўйича қарор қабул қилади.

Жиноий жавобгарлик ёшини жиноят таркибининг хусусиятига кўра фарқлашда, аксарият давлатлар жиноят қонунида жавобгарликнинг умумий ёши ва айрим оғир ва бошқа жиноятлар учун камайтирилган ҳолда ёш чегараларини белгилаган. Бундай табақаланиш, хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи барча мамлакатларда ҳамда Литва, Вьетнам, Маршал ороллари, Хитой ва АҚШнинг баъзи штатларида мавжуд.

Масалан, МДҲ мамлакатларида ҳамда Литва, Вьетнам, Маршал ороллари ва Хитойда жиноий жавобгарликнинг умумий ёши 16 ёшдан, энг кичик ёши 14 ёшдан, Полшада мос равишда 17 ва 15 ёш этиб белгиланган. Маршал оролларида энг кичик ёш фақат жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш учун 10 ёш ва номусга тегиш учун 14 ёш этиб белгиланган. Австрия ва Албанияда жиноятлар учун жавобгарлик
14 ёшдан, ножўя қилмишлар учун эса 16 ёшдан бошланади.

Шу билан бирга, айрим хорижий мамалакатлар (Болгария, Германия, Ирландия, Сингапур, Туркия, Франция Жиноят кодекслари)да жиноий жавобгарлик ёши «айбни англаш принципи»га кўра табақалаштирилган. Масалан, Англия жиноят ҳуқуқида боланинг 14 ёшга тўлгунга қадар бўлган даврида «шахснинг айбдор бўлишга қодир эмаслиги» презумцияси (doli incapax) белгиланган. Бироқ агарда бола жиноят содир этаётган вақтда қилаётган ҳаракатларининг ноқонуний эканлигини англаган бўлса, суд бундай презумцияни инобатга олмаслиги ҳам мумкин. Бунда жиноий жавобгарликнинг энг кичик чегараси 10 ёш этиб белгиланган бўлиб, англия жиноят ҳуқуқига кўра шу ёшдан кичик бола жиноят содир этишга қобилиятсиз, деб топилади ва уни рад этиб бўлмайди.

Англияда белгилангани каби (10-14 ёш) «нисбий ақлий жиҳатдан» ёш чегараcи Австралия Федераль Жиноят кодексида ҳам мавжуд. Бундан ташқари Сингапур ва Уганда Жиноят кодексларида бу 7–12 ёшни; Туркияда – 11 – 15 ёшни; Сан-Маринода – 12–18 ёшни; Руминияда – 14–16 ёшни; Германияда – 14–18 ёшни; Польшада – 15–17 ёшни ташкил этади.

Шу билан бирга, хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида юридик шахс жавобгарлиги масаласининг тартибга солиниши ўзига хос хусусиятга эга ҳисобланади. Чунки хорижий давлатлар қонунчилигида юридик шахслар жиноий жавобгарлиги турлича кўриниш касб этади. Одатда, хорижий давлатларда юридик шахслар жиноий жавобгарлиги Жиноят кодексларида, бироқ айрим ҳолларда бошқа норматив ҳужжатларда (шу билан бирга, қонун ости ҳужжатларида) ҳам белгиланган. Хорижий давлатлар жиноят қонунларида юридик шахслар учун жавобгарлик белгилашга оид қоидалар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Венгрия, Дания ва АҚШ қонунчилигида юридик шахслар томонидан содир этилган ҳар қандай жиноий жазоланадиган қилмишлар учун жавобгарлик белгиланади. Янги Зеландия ва Покистонда эса юридик шахслар содир этиши мумкин бўлган алоҳида тоифадаги жиноятларнинг рўйхати келтирилган.

Айтиш жоизки, хорижий давлатлар қонунчилигида юридик шахслар жавобгарлигини белгилашда икки хил ёндашув мавжудлигини кўриш мумкин. Биринчи ёндашувга кўра юридик шахслар жиноий жазоланадиган ижтимоий хавфли қилмишнинг субъекти сифатида тан олиниб, уларга нисбатан тегишли жиноий жавобгарлик чоралари белгиланади (масалан: Австралия, Англия, Ирландия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Албания, Босния ва Герцеговина, Венгрия, Македония, Черногория, Чехия, Литва, Молдова, Эстония ва бошқ. ва иккинчи ёндашув асосида жиноий жазоланадиган қилмишларнинг субъекти сифатида фақат жисмоний шахслар тан олинади, бироқ юридик шахсларга нисбатан бошқа турдаги жиноят-ҳуқуқий таъсир чоралари (Исроил, Австрия, Бельгия, Дания, Исландия, Испания, Люксембург, Мальта, Нидерландия, Норвегия, Чили, Швейцария, Швеция, Сербия, Словакия, Словения, Хорватия, Украина ва бошқ.) қўлланилади. Юридик шахслар жиноий жавобгарлигини белгилаш нуқтаи назаридан мавжуд бўлган мазкур жиҳатлардан кўпроқ биз иккинчи ҳолатни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки шахсни жиноят субъекти деб топишнинг асосий жиҳати албатта, субъект ақли расо ва онгли фикрлайдиган, жонли мавжудот бўлиши лозимдир.

Шунингдек, хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида юридик шахслар жавобгарлигига нисбатан ўзига хос ёндашув мавжуд. Масалан, Франция ва Венгрия қонунчилигига кўра, юридик шахслар, содир этилган жиноий қилмиш учун жисмоний шахс аниқланган тақдирда жавобгарликка тортилади. Бельгия, Исландия ва Финляндия қонунчилигида жиноят содир этилишида айбдор бўлган жисмоний шахслар аниқланган ёки аниқланмаганидан қатъи назар юридик шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади. 

Бундан ташқари, хорижий давлатларда юридик шахс мақомини қонунчиликда ифодалаш борасида ҳам турлича иборалардан фойдаланилади. Масалан, Канада қонунчилигида ташкилотларни жавобгарлик субъекти сифатида белгилашда давлат органи, юридик шахс, жамият, фирма, корхона, ширкат, касаба уюшмаси ҳамда умумий мақсадни кўзлаган ҳолда ташкил этилган, бошқарув тузилмасига эга бўлган шахслар бирлашмалари назарда тутилади. Бельгия жиноят қонунида юридик шахслар жиноий жавобгарлик субъекти сифатида вақтинчалик бирлашма ва ноошкора ширкатлар ҳамда ташкил этилган ёки ташкил этиш босқичида бўлган тижорат ширкатлари тарзида ифодаланади.

Молдова[2]да ҳокимият органлари, Бирлашган Араб Амирликларида ҳукумат ва унинг органлари, департаментлари ва жамоат бирлашмалари юридик шахс сифатида жавобгарликка тортилмайди. Франция, Бельгия, Дания ва Исландия давлатлари қонунчилигида эса ҳокимият органлари
ва ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам юридик шахс сифатида жавобгарликка тортилиши мумкин. Аммо ушбу мамалакатларда давлат органлари учун жиноий жавобгарликка тортиш истисно этилади.

Хорижий давлатлар қонунчилигида юридик шахсларга нисбатан жиноий жазо белгилашда ҳам турлича ёндашувлар мавжуд. Хусусан, Австрия жиноят қонунида юридик шахсларга барча тоифадаги субъектлар учун тайинланадиган жазолар қўлланилади ҳамда қонунчиликнинг айрим нормаларида назарда тутилган жазо турлари юридик шахсларга нисбатан қўлланилмаслиги ҳақидаги қоидалар белгиланган[3]. Хусусан, аксарият давлатлар қонунчилигида юридик шахсларга жарима жазоси қўлланилиши назарда тутилган. Ушбу жазо юридик шахс жавобгарлигини назарда тутувчи (Албаниядан ташқари) деярли барча давлатларнинг жиноят қонунчилигида назарда тутилган. Масалан, Австралия, Австрия Дания, Исландия, Литва, Янги Зеландия, Швейцария, Хитой ва Финляндия жиноят қонунчилигида жарима жазоси (корпоратив жарима) юридик шахсларга нисбатан тайинланадиган ягона жазо тури ҳисобланади. Бошқа бир қатор давлатлар қонунчилигида юридик шахсларга икки ёки ундан ортиқ жазо турлари қўлланилиши қайд қилинган. Масалан, юридик шахсларга тайинланадиган жазо тури Норвегияда иккитани, Испанияда тўрттани, Бельгияда олтитани ва Францияда тўққизтани ташкил этади.

Модомики, хорижий давлатлар жиноят қонунчилиги таҳлилига кўра, юридик шахсларга нисбатан тайинланадиган жазо турлари қаторида жаримадан ташқари қуйидагилар назарда тутилган: 1) мусодара қилиш (Албания, Бельгия, Ироқ, АҚШ, Франция); 2) юридик шахс фаолиятини чеклаш, шунингдек алоҳида фаолият турлари билан шуғулланишни тақиқлаш, бўлинма ёки филлиалларни ёпиш (Албания, Бельгия, Испания, Литва, Молдова, Перу, Франция); 3) юридик шахс фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш (Испания, Перу); 4) юридик шахсни тугатиш (Бельгия, Литва, Молдова, Перу, Франция); 5) ҳукмни оммавий эълон қилиш (Бельгия, Франция) каби жазолар[4].

Франция қонунчилигида юқорида таъкидланганлардан ташқари, юридик шахсларга нисбатан муайян муддатга суд назоратига олиш; айрим ҳуқуқларини чеклаш, масалан, давлат билан тузиладиган шартномаларда иштирок этиш ҳуқуқидан, қимматли қоғозлар ёки омонатларини қўйиш бўйича оммага мурожаат этиш ҳамда кредит карточкалари ёки чек билан мурожаат этиш ҳуқуқларидан маҳрум қилиш; бир ёки бир неча турдаги жамоа ёки касбий фаолият билан бевосита ёки билвосита шуғулланишни тақиқлаш, бутун ташкилотни ёхуд унинг бир ёки бир неча бўлимлари фаолиятини тугатиш каби жазолар ҳам қўлланилади.

Ҳолбуки, юридик шахсларга қўлланиладиган жазо турлари ҳам асосий ва қўшимча жазо турларига ажратилади. Аксарият давлатлар қонунчилигида жарима ва юридик шахсни тугатиш асосий жазо турлари сифатида қўлланилади. Бошқа турдаги жазолар давлатларнинг миллий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо тури сифатида тайинланади. Масалан, Молдова қонунчилигида жисмоний шахсни муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва унинг фаолиятини тугатиш ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо сифатида назарда тутилган. Хусусан, МолдоваРеспубликаси Жиноят кодексининг
63-моддасида юридик шахсларга жазо тури сифатида жарима, муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, юридик шахсни тугатиш каби жазо турлари мавжуд. Жарима асосий жазо тури сифатида, муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, юридик шахсни тугатиш ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо тури сифатида қўлланилиши мумкин.

ГрузияЖиноят кодексининг 1073-моддасида юридик шахсларга жазо тури сифатида юридик шахсни тугатиш, муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, жарима, мулкдан маҳрум қилишкаби жазо турлари мавжуд. Юридик шахсларга жазо тури сифатида юридик шахсни тугатиш, муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси фақат асосий жазотури сифатида қўлланилиши мумкин. Жарима асосий жазо тури сифатида ҳам, қўшимча жазо тури сифатида ҳам қўлланилиши мумкин. Мулкдан маҳрум қилиш фақат қўшимча жазо тури сифатида қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини белгилаш ҳақидаги талаблар турли халқаро ҳужжатларда ҳам белгиланган. Масалан, бундай ҳужжатлар қаторида «Янги халқаро иқтисодий тартиб ва ривожланиш контекстида жиноий одил судлов ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги раҳбарий принциплар (Ҳуқуқбузарлар билан муаомала қилиш ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича БМТнинг еттинчи Конгресида қабул қилинган Милан ҳаракатлар режасига илова, Милан (Италия) 26 август – 6 сентябрь 1985 йил), «Хўжалик фаолияти юритиш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахс бўлган корхоналарнинг жавобгарлиги тўғрисида» тавсиялар (Европа Кенгаши Вазирлар қўмитасининг 1988 йил 20 октябрдаги R (88) 18-сонли қарори билан қабул қилинган), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2000 йил 15 ноябрдаги Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши (Нью-Йорк) ва 2003 йил 31 октябрдаги Коррупцияга қарши конвенциялари ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин.

Германия ҳуқуқни қўллаш амалиётида гипноз ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан кучли патологик мастлик ҳолати онгнинг чуқур ўзгариши сифатида баҳоланади. Бунда немис жиноят қонунининг ўзига хослиги шундаки, унда чекланган ақли расоликнинг тиббий мезонлари айнан ақли расоликнинг (20-§) тиббий мезонлари асосида очиб берилади. Руҳий ҳолат бузилишининг бу турлари ўртасида фарқ уларнинг юридик мезонлари (психологик) асосида амалга оширилади.

Шу билан бирга, чекланган ақли расолик институти Япония жиноят қонунида ҳам назарда тутилган. Жумладан, Япония жиноят ҳуқуқида чекланган ақли расолик институти ўзига хос тарзда белгиланган. Яъни, Япония Жиноят кодексининг 16-моддасида: «шахс психикасининг зарар кўриши туфайли яхши ва ёмон хулқ-атворни фарқлай олиш қобилиятини йўқотса ва шахс бундай фарқлай олмаслик билан боғлиқ тарзда ҳаракат қилган бўлса жиноий жазоланмайди», дейилади. Бунда психаканинг зарар кўриши биологик мезон сифатида қаралса, қилмишини назорат қилиш қобилияти психологик мезон сифатида баҳоланади.

ХУЛОСА:

Айтиш керакки, ҳозирги кунда хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида мастлик ҳолатида жиноят содир этиш, унинг айб ва жавобгарликка таъсир кўрсатиши масалалари ўзига хос тарзда тартибга солинган. Масалан, Латвия ва Куба[5] жиноят қонунида мастлик ҳолати жавобгарликнинг ҳам оғирлаштирувчи, ҳам енгиллаштирувчи ҳолати сифатида белгиланган, Болгария Жиноят кодексида эса мастлик ҳолатида содир этилган қилмишлар алоҳида жиноят таркибларида квалификация қилинувчи белги сифатида назарда тутилган (қасддан одам ўлдириш жинояти ва бошқ.).

Германия Жиноят кодексида бу ҳолат била туриб мастлик ҳолатига келтириш деб номланиб, агар шахс маст бўлган вазиятда қонун билан тақиқланган жиноий қилмишларни содир этишга эҳтимолий қўл уриши мумкинлигини англай оладиган шароитда бўлса ва шунга қарамай ўзини шундай ҳолатга келтирган бўлса, унга нисабатан жазони енгиллаштириш имконияти қўлланилмайди. Бироқ, агарда, рўй берган вазиятда бунга аксинча бўлган ҳолатларнинг мавжудлиги аниқланса, ҳуқуқбузарга нисабатан чекланган ақли расолик асосларини назарда тутувчи қоидалар қўлланиши мумкин. Шунингдек, Австрия Жиноят кодексида мастлик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг жазосини енгиллаштириш имконияти ҳам кўзда тутилган. Аммо бу шахснинг жиноятдан олдинги хулқ-атворига боғлиқ бўлади. Яъни: Австрия Жиноят кодексининг
35-параграфида, «агар шахс ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда мастлик ҳолатида бўлса ва ушбу ҳолат мастлик ҳолатига олиб келувчи воситаларни истеъмол қилиниши билан боғлиқ бўлган ҳолда ақли расолик чегарасининг пасайиши мумкинлигига шубҳа уйғотмаса, унга нисбатан жазо енгиллаштирилиши мумкин»[6], дейилган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР (REFERENCES)

  1.  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси // 01.05.2023 – https://lex.uz/docs/-6445145;
  2. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрьда қабул қилинган ЎРҚ-2012-ХИИ-СОНЛИ Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси // https://lex.uz/docs/-111453;
  3. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. А.Мадвалиев таҳрири остида. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. 2006−2008. – Б.593;
  4. Рустамбаев М.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳлар. Махсус қисм / − Тошкент: “Юридик адабиётлар публиш”. – Б.696;
  5. Рустамбаев М.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳлар. Махсус қисм / − Тошкент: “Юридик адабиётлар публиш”. – Б.696;
  6. Уголовное право зарубежных государств. Общая часть: учебник для вузов / А. В. Наумов [и др.]; под редакцией А. В. Наумова, А. Г. Кибальника. — Москва: Издательство Юрайт, 2020. — С. 210.;
  7. Полякова А.С. Зарубежный опыт решения проблемы ограниченной вменяемости // Academy. – 2018. – С. 103. новные положения общей части УК Республики Куба (ответственность и наказание): Автореф. дис. … канд.юрид.наук: – Москва, 1990. 
  8. Criminal Code of the Republic of Austria (1974, amended 2019) (German version)https://www.legislationline.org/download/id/8548/file/Austria_CC_1974_am122019_de.pdf.



МАМУРЖОНОВ ШАҲБОЗ МАНСУР ЎҒЛИ ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ШИРИН ШАҲАР СУДИНИНГ ДЕВОНХОНА МУДИРИ


 

[2] Уголовный кодекс Республики Молдова от 18 апреля 2002 года № 985-XV (с изменениями и дополнениями по состоянию на 10.09.2020 г.) // https://online.zakon.kz/ Document/?doc_id =30394923

[3] Criminal Code of the Republic of Austria (1974, amended 2019) (German version) // https://www.legislationline.org/download/id/8548/file/Austria_CC_1974_am122019_de.pdf

[4] Уголовное право зарубежных государств. Общая часть: учебник для вузов / А. В. Наумов [и др.]; под редакцией А. В. Наумова, А. Г. Кибальника. — Москва: Издательство Юрайт, 2020. — С. 210.

новные положения общей части УК Республики Куба (ответственность и наказание): Автореф. дис. … канд.юрид.наук: – Москва, 1990. – 16 с.

[6] Criminal Code of the Republic of Austria (1974, amended 2019) (German version) // https://www.legislationline.org/download/id/8548/file/Austria_CC_1974_am122019_de.pdf

Exit mobile version